26 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманда қатор долзарб муаммолар кўриб чиқилди, жумладан метро чипталари нархи белгиланаётган ҳолатларда босиб ўтиладиган бекат инобатга олиниши ҳақида маълумотлар берилди.
Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси мухбирининг хабар беришича, эндиликда метрода қанча кўп бекат юрилса, шунча кўп ҳақ тўланиши тўғрисидаги тартиб тасдиқланди.
Ушбу вазиятда қандай меъёрлар инобатга олинади?
Туркиялик мутахассислар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси, шунингдек «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳамкорлигида дифференциал тариф тўловлари бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар мақсади масофага қараб бир транспортдан бошқасига ўтиш бўйича ҳам тўловларни жорий этиш тизимини йўлга қўйишдир.
Тизим фақатгина метрополитен бекатларига эмас, балки автобус ва йўналишли таксилар учун ҳам амал қилади.
Жамоат транспортларида Ягона транспорт карталари жорий этилади
Тошкент шаҳри марказий кўчаларида жамоат транспорти учун ажратилган йўлакларга йўл чизиқлари қачон битказилади?
Ҳаммага маълумки, Тошкент шаҳрида автобус, йўналишли таксилар ҳамда тез ёрдам, ёнғин ўчирувчи машиналар ҳаракатланиши учун 10 та махсус йўл чизиқлари фаолиятини йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда.
Тошкентда ташкил этилаётган алоҳида йўлаклар ҳақида қуйидаги манба орқали билиб олинг
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ билан биргаликда ўрганилган натижалар жамоат транспортида манзилга етиб олиш ўртача 40–50 дақиқани ташкил этиши аниқланди. Ушбу лойиҳа ишга туширлгандан сўнг бу кўрсатгич 20–30 дақиқага туширилиши кўзда тутилмоқда. Автобусларнинг йўналиш тезлиги ўртача 23 км/соат бўлса, лойиҳа ишга туширгандан кейин 30 км/соатга етиши кутилмоқда.
Европа тажрибасига кўра, шаҳар четида яшайдиган фуқаролар ўз машиналарида метро бекатигача келади ва манзилига метро орқали етиб олади. Бу бизда жорий қилинишига нима халақит қилади?
Тошкент шаҳрида 500 мингдан ортиқ шахсий автотранспорт рўйхатга олинган, Тошкент шаҳар жамоат транспортида қарийб 480 мингга яқин йўловчи ташилади. Бу шаҳар аҳолисининг ҳар ўнтадан биттаси жамоат транспортидан фойдаланишини кўрсатиб турибди.
Метро бекатлари атрофида автотураргоҳлар ташкил этиш мақсадида шаҳар ташқарисидан кириб келган транспорт воситалари оқими ўрганилмоқда. Шунингдек, макромодел асосида транспорт ҳаракатини ташкил этиш режалар кўриб чиқилаётганлиги ҳақида маълум қилишди.